БОЛАЛАРДА ҲУҚУҚИЙ ОНГНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН МУЛЬТФИЛЬМ ЎЗБЕК ТИЛИГА ТАРЖИМА ҚИЛИНДИ

“Қонунга итоаткорлик маданиятини шакллантириш йўлида” номли 2016 йилда имзоланган Доха декларацияси доирасида яратилган “Зорблар” (The Zorbs) мультипликацион сериали ўзбек тилига таржима қилинди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар ташкилотининг наркотиклар ва жиноятга қарши курашиш бўйича Марказий Осиёдаги бошқармаси (UNODC ROCA) билан ҳамкорликда амалга оширилди.

“Зорблар” мультипликацион фильми UNODC томонидан 2016 йилда яратилган бўлиб, 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларда ҳуқуқий онгни шакллантириш ва ҳуқуқий маданиятни ривожлантиришга қаратилган.

Фильмда болаларга адолат тушунчаси, киберхавфсизлик, инсон ҳуқуқлари, ҳақиқатни гапириш тўғрисида билим ва кўникмалар берилади.

Мазкур мультипликацион сериалининг ўзбек ва рус тилидаги вариантларидан “Тарбия” дарслигининг 1-5-синфлар учун мультимедиа иловаларини яратишда фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 20 апрелдан бошлаб ўзининг Youtube ва Telegram каналларида мазкур мультипликацион сериални намойиш этиб боради.

Бундан ташқари, мультипликацион сериал Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида тизимга кирувчи телеканаллар орқали намойиш этиш режалаштирилган.

«Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси» ишлаб чиқилди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси”ни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси;

Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини амалга ошириш бўйича
чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.

Қуйидагилар Концепциянинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

Тарбия жараёнида узлуксизлик, узвийлик тамойилларига таянган ҳолда Ўзбекистон Республикасида ҳомиладорлик даври, гўдаклар, болалар ва ўқувчи ёшларни маънавий тарбиялашнинг асосий йўналишларини белгилаб бериш;

маънавий тарбияни баҳолашнинг илмий асосланган индикаторларини ишлаб чиқиш;

аҳоли, айниқса ёшларнинг Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш, шахсий бахтли ҳаёт учун энг зарур таянч компетенциялар билан қуроллантириш;

тарбияланувчиларнинг ёши, жинси, психологик, миллий ва шахсий хусусиятларини инобатга олиш;

ёшларда ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр оқибатлилик, масъулиятлилик, толерантлик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби муҳим фазилатларни гўдакликдан бошлаб босқичма-босқич шакллантириш;

ҳомиладорлик давридан бошлаб 18 ёшгача давом этадиган узлуксиз маънавий тарбияни амалга оширишда ота-она, тарбиячи, ўқитувчи ва бошқа масъулларнинг ўзаро самарали ҳамкорлик ўрнатиш механизмини ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий этиш;

бола тарбиясида миллий ва замонавий педагогиканинг илғор ютуқларидан самарали фойдаланиш шаклларини белгилаб бериш;

аҳолининг фарзанд тарбияси бўйича билимларини, педагогик маданиятини ошириш, узлуксиз маънавий тарбияни жаҳон тажрибасида синовдан ўтган самарали педагогик технологиялари, усуллари ва амалга ошириш шакллари билан мунтазам таништириб бориш;

оммавий ахборот воситалари, шу жумладан глобал интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли ахборотлар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар, ёшларни залолатга бошловчи бузғунчи ғояларга қарши соғлом дунёқарашни шакллантириш;

узлуксиз маънавий тарбияни ташкил этишда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва хусусий секторнинг ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш.